Қишга тайёрмизми?

Безымянный

2019 йил 21 январь куни Самарқанд шаҳридаги 45-умумтаълим мактабида, Самарқанд шаҳар ҳокимининг ўринбосари Т.Набиев раислигида, шаҳар электр тармоқлари корхонаси, шаҳар “Сувоқова” корхонаси, шаҳар газлаштириш идораси иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда  Самарқанд шаҳар халқ таълими бўлими тасарруфидаги таълим муассасаларининг 2018-2019 йиллар қиш мавсумидаги аҳволи ўрганилиб, бир қатор мактабларнинг бартараф этилиши лозим бўлган муаммолари мавжудлиги маълум бўлди.

Жумладан, 1-, 5-, 8-, 9-, 12-, 14-, 15-, 16-, 17-, 19-, 20-, 22-, 25-, 28-, 35-, 36-, 37-, 40-, 44-, 52-, 53-, 54-, 56-, 78-мактабларда газ босими пастлиги сабаб, ўқув бинолари совуқ ҳолатда эканлиги аниқланди.

Бундан ташқари, айрим таълим муассасалари бино ва иншоотларининг том қисмидан чакка ўтаётганлиги ҳолатлари мавжудлиги, мактаблар ҳудудидан ташқаридаги электр симлари қониқарсиз эканлиги ва мактаблар ҳудудидан ўтувчи электр токи симёғочлар (столба)лар мавжудлиги, мактаблар ҳудудидаги трансформаторлар ўралмаганлиги ҳолатлари мавжудлиги аниқланди.

Шаҳардаги айрим мактаблар синф хоналари, каридор ва ёрдамчи бинолари (спорт зал, мажлислар зали, буфет (ошхона))да иситиш тизими мавжуд эмас ёки мавжудлари ҳам таъмирталаб бўлганлиги боис совуқ ҳолатда эканлиги маълум бўлди.

Мактабларда иситиш тизимлари ажратилган бюджет маблағлари ҳисобидан таъмирланган ҳамда янгиланган 31- ва 65-мактаблар газ тармоғига уланмаганлиги сабабли, ушбу мактабларни яқин атрофдаги газ тормоғига улаб бериб, газ билан таъминлаш зарурати мавжудлиги аниқланди.

45- ва 51-мактаблар мажлислар зали ва спорт зал учун иситиш тизими трубаларига эҳтиёж мавжудлиги, 68-мактаб ҳовлисидан ўтган ичимлик сув қувурининг шикастланиб сув оқиб ётганлиги натижасида, мактаб ҳовлиси ва спорт залига сув кириб борганлиги маълум бўлди.

Айрим мактабларнинг ёғоч эшик ва деразалари алмаштириш талаб этилиши аниқланди.

Айрим мактаблар хожатхоналари таъмирталаб ҳолатда эканлиги, айримларининг хожатхоналарни янгидан қайта қуриш зарурати борлиги маълум бўлди.

Юқоридаги аниқланган камчиликлар юзасидан тегишли мутасадди ташкилотларнинг масъул ходимларига тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилди.